Жаҳон банки Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳасини тайёрлашга қўшимча 14 млн доллар кредит ажратади. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Бу маблағ лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламасини ҳамда бошқа экологик ва ижтимоий ҳужжатларни янгилашга ажратилган.
Аввалроқ Жаҳон банки Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқиш учун 5 миллион доллар ажратган эди.
Жами Бишкек Қамбарота-1 ГЭСини қуриш учун Жаҳон банкидан $ 500 млн олмоқчи.
Ўзбекистон ҳам Қамбарота-1 ГЭСни Қозоғистон ва Қирғизистон билан биргаликда барпо этишга қизиқиш билдирган ва бу борада “йўл харитаси”ни имзолаганди.
Мазкур ГЭС қурилишига ўз даврида президент Ислом Каримов қарши чиққан ва бу лойиҳа Марказий Осиёда экологик муаммоларни келтириб чиқаришини иддао қилганди.
Йўл ҳаритасига асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ГЭСни бошқарувчи ширкат ташкил этади. Унинг 34 фоизи Қирғизистонга, 33 фоиздани эса Ўзбекистон ва Қозоғистонга тегишли бўлади.
Қирғизистон ҳукумати ГЭСни барпо этиш учун таҳминан 2 миллиард 916 миллион доллар талаб қилинишини билдирган. Экспертлар эса лойиҳа қиймати камида 4-5 миллиард доллар эканини айтмоқдалар.
Қирғиз ҳукуматининг маълум қилишича, ГЭС қурилиши 2024 йилда бошланади ва 2028 йилда фойдаланишга топширилади. Бўлажак ГЭС қуввати 1860 МВтга тенг бўлади. ГЭС сув омборида 5,4 миллиард куб метр сув сақланади, тўғон баландлиги эса 256 метрни ташкил этади. Станция йилига ўртача 5,6 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.