Нурсултон Назарбоевга яқин тадбиркор Қайрат Боранбаев бюджет маблағларини ўзлаштиришда ва солиқдан қочишда айбланмоқда. Бу ҳақида Молиявий мониторинг агентлиги раҳбарининг ўринбосари Женис Елемесов журналистларга маълум қилди.
Боранбев давлатга 134,5 млрд тенге миқдорида зарарни қоплаб берган, бироқ бу сумма янада ошиши мумкин, чунки унга нисбатан тергов давом этмоқда, дейди Женис Елемесов.
Боранбаев аввалроқ ўзгаларнинг мол-мулкини ўта йирик миқдорда ўзлаштириш ва жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топилиб саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бироқ 2023 йилнинг октябр ойида суд Қайрат Боранбаевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли жазога алмаштиргандан сўнг у озод этилган.
Боранбаев ўз активларини давлатга ўтказиб берганлиги айтилмоқда. Жумладан, унга тегишли Остонадаги меҳмонхона мажмуаси, фитнес марказлари тармоғи, нефть ишлаб чиқарувчи компания ва ғарбий Қозоғистондаги нефть конини давлат тасарруфига ўтказиб берган. У шунингдек, таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 30 миллиард тенге ўтказган.
Боранбаев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг яқини ҳисобланган. Унинг қизи Алима Боранбаева Дариға Назарбоеванинг ўғли Ойсултон Назарбоевга турмушга чиққан.
2022 йилдаги январь воқеаларидан кейин Нурсултон Назарбоев ва унинг атрофидагилар аввалги нуфузи ва таъсирини йўқотган. Назарбоевнинг аксар қариндошлари юқори лавозимларидан ҳайдалган, баъзилари судланган.
Аввалроқ Боранбаев ўз активларини давлатга ўтказиб бергач озодликка чиққан эди.