Ссылки доступа

Қирғизистонда 1 июлдан пенсиялар босқичма босқич оширилади


Пенсия ва нафақалар яшаш минимумидан паст бўлмаслиги Қирғизистон Конституциясида кўзда тутилган.

Қирғизистонда 1 июлдан пенсиялар босқичма босқич оширилади. Октябрдан энг кичик пенсия 6800 сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.

22 май куни “Жани Қадам” ижтимоий сафарбарлик бўйича йиғилишда қатнашган президентнинг айтишича, пенсия ва нафақалар яшаш минимумидан паст бўлмаслиги Қирғизистон Конституциясида кўзда тутилган.

“Мен ушбу жараённи тезлаштиришни сўрадим. Худо хоҳласа, 1 июлдан пенсия босқичма босқич оширилади. Ижтимоий ҳимоя тўловлари ва нафақаларимизни имкон қадар тезроқ яшаш минимумидан оширишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, бунга йиллар керак бўлади, лекин биз бунга албатта эришамиз”, — деди Жапаров.

Конституцияга пенсия таъминотига доир нормалар 2021 йилда киритилган эди. Конституциянинг 44-моддасига айтилишича, “пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдам маблағлари яшаш минимумидан паст бўлмаган турмуш тарзини таъминлайди”.

Бироқ 2022 йил ноябрида Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров бу нормани бажаришнинг иложи йўқлигини айтган эди.

“Бу норма ишламайди деб аввалдан огоҳлантирган эдик. Лекин Конституцияни айнан шу таҳрирда халқ қўллаб-қувватлагани боис, ҳозир энди уни татбиқ этишга уринмоқдамиз”, деган эди у парламентдаги чиқишида.

Ҳозирда Қирғизистонда яшаш минимуми 7 минг 769 сўм миқдорида белгиланган.

XS
SM
MD
LG