Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида ҳамда Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк йилларида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси ўртача 5 минг 200 нафардан оширилган эмас. Мамлакатда яшовчи мусулмонлар учун Ҳаж квотасининг оширилиши бундан беш йил муқаддам бошланган.
Маърупов қайдича, ўзбекистонлик зиёратчилар учун квота 2019 йилда 7200 нафарни, 2022 йилда 12 минг нафарни, 2023 йилда эса 15 минг нафарни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари учун йиллик Ҳаж квотаси 24 мингтагача ошириш кўзда тутилгани хабар қилинган. Бунга оид келишувга Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегациянинг 2022 йил сентябрида президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган пайтда эришилган эди.
Одатда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги бирор мамлакат учун Ҳаж квотасини “ҳар минг мусулмонга бир зиёратчи” формуласидан келиб чиққан ҳолда белгилаб келади. Ўзбекистонда, ўртача ҳисоб-китобларга кўра, 34 миллиондан зиёд мусулмон яшаши эътиборга олинса, Ислом олами учун ўтмишда кўплаб машҳур дин олимларини етиштириб берган бу мамлакатга шу кунда лозим бўлганининг ярмича ҳам квота ажратилмаётганини қайд этиш мумкин.
Маълумотларга кўра, жорий йилдаги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар 23 майдан 7 июнгача мамлакатнинг ўнта халқаро аэропортидан Мадинаи Мунаввара шаҳрига учади. Ҳаж ибодатини адо этажак зиёратчиларни 22 июндан 12 июлга қадар ватанига қайтариш режаланган.