Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти ҳудудидаги авиаҳалокатда вафот этган президент Иброҳим Раисий билан 22 май куни Теҳронда ўтказилажак видолашув маросимида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этади.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, маросимда иштирок этадиган президент бошчилигидаги Тожикистон делегацияси таркибида ташқи ишлар вазири, президентнинг ҳалқаро муносабатлар бўйича ёрдамчиси ва бошқа амалдорлар ҳам бор.
Эронда жорий йилнинг 19 май куни вертолёт қулаши чоғида президент Раисий ва унинг саккиз нафар ҳамроҳининг нобуд бўлиши ортидан эълон қилинган беш кунлик мотам тадбирлари давом этмоқда.
Авиаҳалокат қурбонлари жасадлари солинган тобутлар 21 май куни Табриздан пойтахт Теҳронга олиб келинган. Чоршанба куни бу ерда марҳум Раисий ва ҳамроҳлари билан видолашув маросими ўтказилиши кўзда тутилган. Теҳрондан сўнг жасадлар шиа мазҳабидаги мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Қум шаҳрига, кейин эса Раисийнинг туғилган шаҳри бўлмиш Машҳадга олиб кетилиши айтилган.
Аввалроқ Эрон вице-президенти Муҳсин Мансурий марҳум президент Иброҳим Раисий 23 май куни Машҳад шаҳрида дафн этилишини маълум қилган эди.
Эронда жорий йилнинг 19 май куни вертолёт қулаши чоғида президент Раисий ва унинг саккиз нафар ҳамроҳининг нобуд бўлиши ортидан эълон қилинган беш кунлик мотам тадбирлари давом этмоқда.