Ссылки доступа

ЕИ Россиянинг музлатилган активлари билан Украинани дастаклаш режасини маъқуллади


Европа Иттифоқи мамлакатлари 21 май куни Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин музлатилган Москва активларидан Киевга ёрдам учун фойдаланиш бўйича режани маъқуллашди.

Бу йил мазкур схема Украинага уч миллиард еврогача маблағ келтириши мумкин, маблағнинг 90 фоизини ҳарбий харажатларга сарфлаш режаланмоқда, дея маълум қилди Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский Х (собиқ Твиттер) тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Еврокомиссия Россиянинг музлатилган активларидан биринчи марта даромадларни ажратиб олиш июль ойида бўлишини билдирган. Маблағларни тақсимлаш масаласи ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Биринчи марта кўриб чиқиш 2025 йилнинг 1 январига белгиланган.

Россия Марказий банки музлатилган активларининг қарийб учдан икки қисми Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади, уларнинг катта қисми Бельгиянинг Euroclear депозитарийси томонидан бошқарилади.

Активлар йилига тақрибан беш миллиард евро даромад келтириши, Украина эса йилига икки марта ёрдам олиши кутилмоқда. Ўтган йилдан бери уларни инвестиция қилишдан тушган даромад қарийб тўрт миллиард еврони ташкил қилди, деб ёзган Bloomberg.

Айни пайтда Украина бу маблағнинг 557 миллион евросига даъво қилиши мумкин – февраль ойи ўртасигача олинган даромадларни Белгия банки хатарларни бошқариш учун, шу жумладан Россия томонининг даъво аризалари билан боғлиқ харажатлар учун сақлаб қўяди. Россиянинг ЕИдаги активларидан фойдаланиш схемаларига оид музокаралар бир неча ой давом этган: юридик муаммолардан ташқари, мамлакатлар молиявий тизим барқарорлиги ва Россия томонидан бўлажак муҳтамал жавоб чораларидан хавотирланаётган эди.

Бундан ташқари, ЕИ таркибига кирувчи Австрия ва Мальта каби нейтрал давлатлар Украинага ҳарбий ёрдамда иштирок этишдан бош тортиб келишган – аввалроқ шу туфайли Россия активларидан олинган даромадларнинг бир қисми гуманитар эҳтиёжларга йўналтирилиши маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG