Ссылки доступа

Сўров: Россияликлар респондентларнинг 47 фоизи гумонланувчилар қийноққа солинишига қарши эмас


Левада-Центр томонидан ўтказилган сўровда қатнашган россияликларнинг қарийб ярми “истисновий вазиятларда” — масалан, гап зўравонлик билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳақида кетган пайтда, гумонланувчиларга нисбатан қийноқ қўллаш мумкин, деб ҳисоблашади.

Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида “қийноқ қўллаш мумкин” деб ҳисоблайдиган кишилар фоизи қарийб икки баравар ортган: 2019 йилда бундай фикрда бўлган респондентлар 28 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бундай мулоҳаза бўлганлар сони 47 фоизга етган.

Айни пайтда қийноқ қўллаш мумкин эмас, деб ҳисоблайдиган сони ҳам қарийб икки баравар камайган (2019 йилда - 59 фоиз, 2024 йилда - 35 фоиз).

Социологлар бу натижаларни қисман Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт оқибатлари билан боғламоқдалар. Уларга кўра, мазкур террор хуружи Россия жамиятининг катта қисмини шокка солган.

Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча киши “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиб ўтиши керак бўлган “Крокус” концерт залига бостириб киришиб, йиғилган томошабинларни ўққа тутишган. Кейинроқ ҳужумчилар залга ўт қўйишган, аланга қамрови кенгайгани ортидан бино томи қулаб тушган.

Расмий маълумотларга кўра, теракт оқибатида 144 киши қурбон бўлган, 551 киши жароҳат олган.

Бугунги кунга келиб, тергов идоралари иддаосига кўра, теракт ижрочилари ва шерикларининг ҳаммаси ҳибсга олинган, уларнинг кўпини Тожикистон фуқаролари ташкил этади. Терактнинг муҳтамал ижрочиларидан камида бир нафари қўлга олиниш чоғида қийноққа дучор этилган: унинг қулоғи кесиб олинган.

XS
SM
MD
LG