Сув тошқинидан энг катта зарар кўрган шаҳарча аҳолиси нобуд бўлган уй-жой учун товон пули миқдори ва тўлов шартларидан норозилигини айтмоқда. Ҳокимият компенсация миқдорини квадрат метр учун 200–240 минг тенге оралиғида белгилаган. Маҳаллий аҳоли бу миқдор 400 минг тенгегача оширилишини сўрамоқда. Шунингдек, аҳоли ушбу маблағ қурилиш компанияларига эмас, одамларнинг ўзига берилишини талаб қилмоқда.
16 май куни Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов Кулсари аҳолиси билан музокараларда, ҳукумат компенсация миқдорини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини, бироқ аҳоли бу учун нобуд бўлган уй-жойларнинг квадрат метри ҳақиқатдан ҳам 400 минг тенгелик қийматга эгалигини асослаб бериши лозимлигини айтган. Вилоят ҳокимининг айтишича, бундай нархдаги уйлар ҳатто вилоятнинг марказий шаҳри бўлмиш Атираунинг ўзида ҳам йўқ.
Озодлик радиосининг мухбири билан суҳбатлашган кулсарликларнинг айтишича, кўплар бошқа шаҳарларга кўчиб кетмоқчи бўлгани учун шу қийматдаги компенсация пулини сўрамоқда.
Қулсаридаги вазият: майдонда одам камайган, бироқ норозилик давом этмоқда (видео).
Қозоғистоннинг Атирау вилоятининг Қулсари шаҳрида маҳаллий аҳолининг норозилик намойишлари бешинчи кун давом этмоқда.