Ссылки доступа

Остонада ҳуқуқбон Айдар Сиздиков ҳибсга олинди


Айдар Сйздиқов Қозоғистонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан бир неча бор тинч намойишларни уюштирган сиёсий фаол ва ҳуқуқбондир.

16 май куни Остонада ҳуқуқбон ва "Олға Қозоғистон" партиясини тузиш ташаббускорларидан бири Айдар Сиздиков ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Ойгул Токпаева маълум қилди.

Ойгул Токпаеванинг айтишича, ўзини наркотикка қарши кураш бошқармаси ходимлари деб таништирган шахслар уларнинг уйида тинтув ўтказган.

“Айдар Сиздиковни ҳеч қандай далил келтирмасдан олиб кетишмоқда. Улар ҳеч нарса топа олишмади. Ҳибсга олиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Бу сиёсий таъқиб, босим”, дейди Токпаева видеомурожаатида.

Остона полиция департаменти матбуот хизмати Озодлик радиосига Аидар Сиздиков ҳибсга олиниши борасида изоҳни "кейинроқ" беришини айтди.

Айдар Сйздиқов Қозоғистонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан бир неча бор тинч намойишларни уюштирган сиёсий фаол ва ҳуқуқбондир. Расмийлар мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжудлигини рад этади.

У шунингдек, “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партиясини тузиш ташаббускор гуруҳининг аъзосидир. У ўз сафдошлари билан бирга партияни рўйхатга олишни сўраб Адлия вазирлигига камида йигирма марта ҳужжат топширган ва доимо рад жавобини олган. Партия етакчиси, марафончи Марат Жиланбоев "экстремизмда" айбланиб етти йилга қамалган эди.

Март ойида Сиздиков бир йил аввалги тадбирда қатнашгани учун 15 суткага қамалган эди.

XS
SM
MD
LG