Ссылки доступа

Ўзбекистон энергетика вазирлиги: Тожикистон шу ойда Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қўшилади


Тожикистон май ойи охиригача Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 14 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Энергетика ҳафталиги давомида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

«Биз минтақалараро савдо ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз, қўшниларимиз — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон билан электр энергиясини етказиб бериш, экспорт, импорт қилиш ва транзити бўйича жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ой Тожикистон ҳам бизнинг ягона Марказий Осиё энергетика тармоғимизга қўшилишини кутамиз», — деди Мирзамаҳмудов.

2021 йил охирида Тожикистон мамлакатни Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайтариш масаласини муҳокама қила бошлаганди. Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир Тожикистон 2022 йилда ягона энергия тизимига қайтишини маълум қилган, бироқ бу масала бир неча бор қолдирилган.

Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистоннинг Ягона энергетика тизими (ЯЭТ) 1970 йилларда яратилган. У Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, ирригация даврида электр энергиясига бўлган талаб ва сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаш имконини берган.

Қишда Тожикистон ва Қирғизистон сув омборларида сув сақлаган ва Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Туркманистондан электр ва энергия ресурсларини (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзда Тожикистон ва Қирғизистон қишда тўпланган сувни қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун минтақадаги қўшниларига йўналтирган. Шунингдек, ёзда Тожикистон ва Қирғизистон қўшни республикаларга ортиқча ҳажмда ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб берган.

XS
SM
MD
LG