Ссылки доступа

Алишер Қодиров ўзбек тилини билмаганларга қарши чекловлар таклиф қилмоқда


Алишер Қодиров
Алишер Қодиров

Ўзбекистонда давлат тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришилиши керак. Бу иддао “Миллий тикланиш” партияси лидери, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодировга тегишли.

Сиёсатчи ўз Телеграм-канали орқали ёйинлаган постида “Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт”лиги, “лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларни ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас”лигидан баҳс этган.

"Миллий тикланиш" лидери бу мулоҳазаларни Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг “Россияга ишлашга рус тилини биладиган, мамлакат анъаналарини ҳурмат қиладиган кишилар келиши муҳим”лиги ҳақидаги баёнотига жавобан билдирган.

Қодировга кўра, Ўзбекистонда яшаётган ва шу мамлакат фуқароси бўлган барча миллат вакиллари давлат тилини билишлари зарур.

“Қонунларимизда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак”, дея билдирган “Миллий тикланиш” лидери Алишер Қодиров.

Қуйи палата вице-спикери Қодиров авваллари ҳам жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўладиган чиқишлар қилган. Дейлик, шу йил январь ойи охирларида у Ўзбекистонда рус тилидаги таълим ва ёйинни чеклаш таклифи билан чиққанди.

“Масалан, 3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу номутаносиблик тузатилиши керак”, деб ёзган эди у 24 январь куни Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида.

Алишер Қодиров бу постини россиялик миллатчи ёзувчи Захар Прилепин ва тарихчи Михаил Смолин баёнотларига жавоб ўлароқ қолдирган.

XS
SM
MD
LG