Вазирликнинг мактабларда 2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишга оид тавсияларига мувофиқ, бу йил битирувчиларга турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказишдан ташқари имтиҳон ва якуний давлат аттестасияларини ўтказишда ҳамда таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар, уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш, битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш, ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши ман этилади.
Хабарномада бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбири 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилиши, унга мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилиши, тадбир маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилиши, унга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари ва ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилиши, йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилиши айтилган.
Ўзбекистонда "Сўнгги қўнғироқ" тадбири билан боғлиқ қатор чекловлар аввалги йилларда ҳам кузатилган, бироқ улар асосан ноқонуний пул йиғимларига алоқадор бўлган.