Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Москвада Владимир Путин билан меҳнат муҳожирлари мавзусини муҳокама қилди. Улар «Крокус»даги терактдан кейин тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг қисмати ҳақида суҳбатлашди.
“Албатта, бугун мен сиз билан айрим масалаларни, айниқса, меҳнат муҳожирларимиз билан боғлиқ мавзуни муҳокама қилишни истардим. Бу биз учун жуда нозик ва энг муҳим масалалардан бири”, деди Раҳмон 9 май куни Путин билан учрашувда.
Раҳмон яна бир бор Россияни Тожикистоннинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси деб атади ва “йиллар давомида Тожикистон ўз позициясини ўзгартирмаганини ва бундан кейин ҳам ўзгартирмаслигини” таъкидлади.
“Албатта, душманларимиз орамизга нифоқ солмоқчи, бирлигимизни бузмоқчи. Ўйлайманки, сиз бизнинг позициямиздан – Россия Тожикистон учун стратегик ҳамкор ва иттифоқчи эканлигидан хабардорсиз”, — деди Раҳмон. У Россиянинг энг йирик ҳарбий базаси ҳам айнан Тожикистонда эканлигини тилга олди.
Раҳмон Тожикистон 30 йилдан ортиқ вақтдан бери терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келаётганини ва бу муаммо билан бевосита таниш эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Раҳмон терроризмнинг миллати ва дини йўқлигини, бу глобал муаммо эканини таъкидлади.
Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳолати тожикистонликлар содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги терактдан сўнг кескин ёмонлашди. Ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.
Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган эди.
Шундан сўнг вазият ҳеч ҳам яхшиланмаган. Масалан, 26 апрелдан 30 апрелгача Внуково аэропортига учиб борган 3101 нафар тожикистонликдан 643 нафари тегишли шарт-шароитсиз бир неча куч ушлаб турилгани ортидан россиялик расмийлар томонидан юртига депортация қилинган. Бундан ташқари, яна 117 нафар тожикистонликни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Москвадаги бошқа аэропортларда ҳам вазият мураккаб экани айтилмоқда.
Россияда бир миллионга яқин Тожикистон фуқароси истиқомат қилади.
Раҳмон терроризмнинг миллати ва дини йўқлигини, бу глобал муаммо эканини таъкидлади.