TikTok иловасининг эгаси бўлмиш ByteDance компанияси иловани тақиқламоқчи бўлаётган АҚШ ҳукумати устидан апелляция судига даъво аризасини киритди.
Хитой компанияси суддан ўз платформасининг сотилиши, акс ҳолда тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни АҚШ Конституциясига зид деб топишни сўрамоқда.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар ҳудудида Хитойнинг TikTok иловаси фаолиятини чеклашга оид қонун лойиҳасини имзолаган эди. Унга кўра, ByteDance ширкати TikTok’ни бошқа шахсга сотмаса, илованинг АҚШдаги Apple ва Google ширкатлари дўконларидаги сотуви тўхтатилиши лозим.
Чеклов тарафдорларининг урғулашларича, TikTok АҚШ миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир. Уларга кўра, Хитой ҳукумати махсус хизматлари тўғрисидаги ўз қонунларини ByteDance ширкатига қарши ишлатиб, уларни TikTok иловасидан фойдаланаётган АҚШ фуқароларига оид шахсий маълумотларни ХХР расмийларига топширишга мажбур қилиши мумкин.
Ҳозиргача кўплаб манбалар ByteDance вакиллари Хитой ҳукумати билан алоқада экани ҳамда ширкатдан сиёсий цензура қўлланилишида фойдаланилаётгани ҳақида маълум қилишган. ByteDance бир неча бор АҚШ ва бошқа мамлакатларда тергов объектига айланган.
Қонунга кўра, ByteDance ширкатига иловани сотиш учун тақрибан тўққиз ой муҳлат берилади. Агар бу вақт ичида TikTok сотилмаса, Хитой иловаси АҚШдаги Apple ва Google дўконларида сотувдан олиб ташланади, бошқа сўз билан айтганда, америкаликлар ўз жиҳозларига ўрнатиш учун TikTok иловасини юклаб ололмайдилар.
ByteDance компанияси TikTok платформасини сотишдан бош тортган ва судга мурожаат қилган. Даъвогарнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси АҚШ Конституциясидаги сўз эркинлигини кафолатлайдиган "биринчи тузатиш"га зид ва 170 миллионга яқин америкаликларнинг эркин мулоқот қилиш ва фикр алмашиш ҳуқуқларини бузмоқда.
Хитой компанияси суддан TikTok'ни сотилиши, акс ҳолда тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни АҚШ Конституциясига зид деб топишни сўрамоқда.