Қирғизистон чегарачилари ва Тожикистон фуқаролари ўртасида навбатдаги тўқнашув бўлиб ўтди, бир киши ярадорланди.
Чегарада ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳодиса юз бергани ҳақида Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилмоқда.
Қирғиз томонининг айтишича, 7 май куни Қирғизистон ҳудудида молларини боқаётган тожикистонлик чўпонлар чегарачилар қаратиб тош отган ва ҳатто милтиқдан ўқ узган. Чегарачилар огоҳлантириш мақсадида ҳавога ўқ узганини, шундан сўнг чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетганини иддао қилмоқда.
"Қирғизистон чегарачилари орасида қурбонлар йўқ. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган", дейди Чегара хизмати ўз баёнотида.
Тожикистон томони ҳодиса Қирғизистон эмас, Тожикистон ҳудудида содир бўлганлигини иддао қилмоқда.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари берган баёнотида айтилишича, "тожикистон фуқаролари яхши қўшничилик тамойилларига зид бўлган ҳеч қандай хатти-ҳаракат қилмаган. Бироқ, уларга қарши ўқотар қурол қўлланган, натижада тарих ўқитувчиси бўлган фуқаро тан жароҳати олган”.
Тожик ва қирғиз чегарачиларининг учрашуви кутилмоқда. Айни дамда чегарадаги вазият барқарор деб баҳоланмоқда.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Отишмада Тожикистон фуқароси ярадорланди.