Ссылки доступа

Олий суд “аксилсоветча фаолият”да айбланган 198 кишини оқлади


Ўзбекистон Олий суди 6 май куни ўн битта жиноят иши бўйича ўтган асрнинг 20-30-йилларида коммунистик режим томонидан қатағон қилинган 198 нафар кишига нисбатан оқлов ҳукмларини чиқарди. Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати Олий суд сайтида келтирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида “аксилинқилобий мақсадлардаги ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж, босмачилик ҳаракатида иштирок этганлик ва аксилсовет фаолиятини амалга оширганликда” айбланган бу шахслар қарийб бир аср муқаддам коммунистлар қатағонига учраган эди.

“Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди”, дейилган Олий суд хабарномасида.

Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қошидаги Учлик кенгашлари қарорлари билан “мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган” кишилар ишининг суд томонидан қайта кўриб чиқилиши Ўзбекистон президентининг 2020 йил 8 октябридаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Олий суд маълумотига кўра, бунгача совет даврида қатағон қилинган 1 минг 31 нафар киши реабилитация қилинган.

XS
SM
MD
LG