Ссылки доступа

Остона Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар учун "платформа беришга" тайёрлигини маълум қилди


Бу ҳақда Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Даурен Абаев ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтган.

Украинадаги вазият бўйича музокаралар Россия иштирокисиз муваффақиятли бўлмайди, Остона икки томон учун платформа тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Даурен Абаев ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтган.

“Биз Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида иштирокни назарда тутмаяпмиз. Шунчаки, биз бу музокаралар бўлиб ўтишига шарт-шароит яратиб беришга, платформа тақдим этишга тайёрмиз. Музокараларни бошлаш жуда муҳим”, деди Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг собиқ ўринбосари Абаев.

Элчининг фикрича, ёзда Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина бўйича тинчлик саммити Россия иштирокисиз қандайдир келишувга эришиши "мураккаб масала"дир.

Швейцариянинг Бюргеншток курортида 15-16 июнь кунлари Европа, Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкадаги давлатларнинг юқори мансабдорлари Украинадаги урушни тўхтатиш шартларини муҳокама қилади. Тадбирга Россия таклиф қилинмайди. Бундан аввалги тўртта йиғин ҳам Россия иштирокисиз ўтказилганди. Анжуманда Украинани дастаклаётган Ғарб давлатлари ҳам, Россия босқини юзасидан бетараф позицияда бўлган давлатлар вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Дипломат Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Украинага ҳарбий маҳсулотлар етказишни муҳокама қилгани ҳақидаги маълумотларни "фейк" деб атади. Аввалроқ шу йўсиндаги хабарлар рус ОАВларида тарқалган эди. Элчи Қозоғистон Россиянинг иттифоқчиси эканини, “энг олий сиёсий даражада ўзаро ҳамжиҳатлик ҳукмрон эканлигини” таъкидлади.

Қозоғистон Россия томонидан қўшиб олинган Украина ҳудудларини расман тан олмаган. Остона Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватламаган, бироқ расман қораламаган ҳам. Таҳлилчиларнинг айтишича, Қозоғистон ва Россияга бошқа хайрихоҳ давлатлар Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда Россияга кўмаклашмоқа.

XS
SM
MD
LG