Ссылки доступа

Ўзбекистон ислом молиясини жалб қилмоқчи, аммо “ҳалол бозор”га тўсиқлар кўп


Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида, 2 май, 2024
Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида, 2 май, 2024

2 май куни Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида чиқиш қилган ва хусусан, Саудия, БАА, Ўмон расмийлари билан сўзлашган президент Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистонда ислом сармояси учун барча шарт-шароит яратилишини ваъда қилди.

Куни кеча Anorbank ва халқаро Ислом корпорацияси Ўзбекистонда илк ислом банкини очиш ҳақида келишув ҳам имзолади.

Нега айнан Anorbank танланди - расмий хабарда бунга бирор изоҳ йўқ. Бу энг кўп реклама қилинаётган ва фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлган банклардан бири.

Ўзбекистонда ислом банки тизимини йўлга қўйиш ҳақида йиллардан буён айтилади, аммо шу пайтгача амалга ошгани йўқ.

Аксар экспертлар, Ўзбекистоннинг эркин бўлмаган банк тизими ҳамда юқори инфляция билан, бундан кейин ҳам ислом банки бўлишига шубҳа қилмоқдалар.

2 май куни Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлиси бўлди.

Расмий хабарга кўра, тадбирда асосан мусулмон ўлкалар, жумладан Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ва бошқалар қатнашган.

Форумга дунёнинг 93 мамлакатидан икки ярим минг нафардан зиёд хорижий меҳмон боргани айтилди.

Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев, 2 май куни, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Ўмон расмийлари билан яна “савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда”музокаралар ўтказгани айтилди.

Расмий Тошкент сармоя сўраб юзланаётган бу давлатларнинг барчаси ислом давлатлари ва уларда молия, савдо ёки сармоя муносабатлари шариат асосида юритилади.

Anorbank - Ўзбекистондаги илк маҳаллий рақамли тижорат банки сифатида тилга олинади.

Расмий хабарга кўра, бу банк бошчилигида очиладиган янги “Исломий банк” Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва хорижий сармояларни жалб этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон қонунчилигида эса исломий шартлар асосида ишловчи банк ёки бошқа турдаги молия институтлари назарда тутилмаган. Яъни, “Исломий банк” очиш учун ҳуқуқий майдоннинг ўзи йўқ.

Бундай шароитда шариатга асосланган банк Ўзбекистонда қандай очилади ва қандай ишлайди - Озодликка маълум бўлишича, бу борада аниқ билан йўл харитаси ҳозирча Ўзбекистондаги банкларнинг ўзида ҳам йўқ.

Молия вазирлигига яқин Озодлик манбасига кўра, Anorbank - анъанавий, яъни хизмат ҳақи ва фоиз ставкалари юқори бўлган, фаолияти асосан фоиз устига қурилган банклардан биридир.

“Исломий банк” учун, аввало шариатга кўра йиғилган дастлабки капитал бўлиши керак. Бундан ташқари, бу банкни аввалги “Капиталбанк” менежерлари очган ва фақат фоиз ҳисобига иш юритган, системаси шунинг устига қурилган. Оддий классик банк бўлган Anorbank бир айланиб шариат банки бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳозир узоғи билан, бу банкда ҳам “Исломий дарча” очилишини кутиш мумкин. 2020 йиллардан бери банкларда шунақа дарчалар бор. Асосан, хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорациясидан жалб этилган кредитлар бўйича ишлаяпти бу дарчалар”, деди Молия вазирлигига яқин Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда ҳануз “Исломий банк” очилгани йўқ. Аксар банкларда ислом молияси асосида хизмат кўрсатаётган “Ислом дарча”лари фаолият юритмоқда.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистондаги “Ислом дарча”ларидаги хизматлар чекланган. Бу дарчалар орқали хориждан олиб берилаётган кредит миқдори кўпи билан 5 миллион доллар атрофида бўлмоқда.

Ислом банклари нафақат аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган ёки ислом давлатларида, балки ғарб давлатларида ҳам ривожланиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG