“Биз ҳозир фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти, ҳеч нарсанинг аниғи йўқ. Россия томони ҳам сал умумийроқ айтмоқда, лекин буни қандайдир қўшимча қўшиб, бошқа ҳикояга олиб чиқишяпти. Лекин, умуман олганда, ҳозир ҳеч нарса йўқ. Фақат умумий гап. Улар билан фақат қайси йўналишларда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз”, дея иқтибос келтирган “Газета.uz” нашри Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори сўзларидан.
Ўтган ҳафтада Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўрибосари Кирилл Комаров Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар “анча муваффақиятли” ўтаётганини таъкидлаган эди.
“Мен ҳеч кимга таъсир ўтказмаслик учун бундай ҳолатларни, саналарни айтмасликка ҳаракат қиламан, чунки бу — жуда муҳим қарор. Бу қарор Ўзбекистондаги кейинги 100 йилдаги вазият қандай бўлишини белгилайди. Шунинг учун ҳам, сизга айтаманки, шошқалоқлик қилиш ёки маълум хатога йўл қўйишдан кўра барча нюансларни муҳокама қилиш учун қўшимча вақт сарфлаган маъқул. Лекин биз исталган вақтда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришишга тайёрмиз”, деб ёзган эди ТАСС агентлиги “Росатом” мулозими сўзларига иқтибосан.
Аммо “Ўзатом” директори россиялик мулозим сўзларини тасдиқлаган эмас. Ахмедхаджаев Ўзбекистон томони Россия билан фақат энергетика йўналиши бўйича гаплашмаётганига эътибор қаратган.
“Чунки атом фақат энергетика эмас. Медицина ҳам бор, қишлоқ хўжалиги ҳам бор, сув тозалаш ҳам бор ва ҳоказо. Ҳозир шу каби бошқа йўналишларни ўрганиб чиқяпмиз. Шундан кейин қайси соҳа бизга яқинроқ экани ва қайси соҳани биринчи бўлиб ривожлантиришимиз кераклигини аниқ тушунамиз”, деган Ўзбекистон Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги раҳбари.
Айни пайтда март ойи охиридан буён “Ўзатом”га етакчилик қилаётган Азим Ахмедхаджаев атом энергияси бўйича бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмаётгани, бироқ турли мамлакатлардан келаётган таклифлар ўзбек расмийлари томонидан кўриб чиқилажагини қўшимча қилган.
“Ҳеч қайси давлат билан аниқ музокаралар бўлаётгани йўқ. Бошқа давлатлардан ҳар хил таклифлар келиб тушмоқда. Масалан, Америкадан ёки Кореядан. Ҳар хил таклифлар бор, уларни иш тартибида кўриб чиқамиз”, деган ўзбекистонлик мулозим.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган йилнинг ноябрь ойи охирларида Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича нафақат Россия, балки бошқа хорижий мамлакатлар “тажрибаси ва технологиялари”ни ўрганаётганини айтиб, ҳар қандай потенциал атом объекти аввал-бошда тахмин қилинганидан кичикроқ бўлиши мумкинлигига шама қилган эди.
Ўша пайтда ҳам Мирзамаҳмудовнинг бу сўзлари ундан бир неча кун олдин “Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича музокаралар якуний босқичда” дея баёнот берган “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвникидан кескин фарқ қилганди.
Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашини билдирган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани ҳам хабар қилинган эди.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.