Ссылки доступа

Ноёб Қуръон қўлёзмасини реставрация қилиш ишлари бошланди


Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси
Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Президент топшириғига кўра, бутун дунёда «Тошкент Қуръони» номи билан машҳур бўлган Усмон мусъҳафини консервация ва реставрация қилиш режалаштирилган, деб хабар қилди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Мусулмонлар идораси томонидан бир қатор халқаро экспертлар, жумладан, Кембриждан Кристи Роз, француз реставраторлари Аксел Деле ва Корали Барб, истанбуллик Нилл Байдар жалб этилди.

Мутахассислар «Усмон Мусҳафи» қўлёзмасининг ҳар бир саҳифасини синчковлик билан ўрганиб, реставрация режасини ишлаб чиқадилар.

Ушбу китоб Тошкентдаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мўйи Муборак» мадрасасидаги музей-кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзма учинчи халифа Усмон ибн Аффон топшириғи билан VII асрда ҳижоз ёзувида қайта ёзилган.

Усмон мусъҳафини Самарқандга 14-асрда саркарда Амир Темур Ироқдан олиб келган. У Самарқанддаги мадрасада узоқ йиллар давомида сақланган. Ўрта Осиё чор Россияси томонидан босиб олингандан сўнг Туркистон генерал-губернатори Кауфман 1869 йилда уни Петербургга кўчирган. 1905 йилда бу китоб 50 нусхада чоп этилган.

1917 йилда Россиядаги тартибсизликлардан сўнг Тошкент ва Сирдарё уламоларининг илтимосига кўра 1923 йилда махсус фармон қабул қилинди ва унга кўра 1924 йилда Муқаддас китоб Ўзбекистонга қайтарилди.

1989 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорига асосан Усмон мусъҳафи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилган.

1997 йилда ЮНЕСКО мазкур Қуръонни «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритди.

XS
SM
MD
LG