Ссылки доступа

Қирғизистондаги тадбирда юк машинаси болаларни уриб кетган ҳайдовчи ҳибсга олинди


48 ёшли ҳайдовчи томонидан ташлаб кетилган машина ҳаракатга келиб, ўқувчиларни босиб кетган.

Қирғизистондаги тадбирда юк машинаси болаларни уриб кетган ҳайдовчи ҳибсга олинди. Унга нисбатан ЖК 312 моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақида Жалолобод полицияси маълум қилмоқда.

Жалолобод вилояти Сузоқ туманида 2 май куни бўлиб ўтган оммавий тадбир чоғида кичик ҳажмли Porter юк машинаси 29 нафар болани уриб кетган. Ҳодиса чоғида 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар жабрланган. Улардан етти нафари вилоят касалхонасининг жонлантириш бўлимида ётибди, уч нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаган уч бола Сузоқ туман касалхонасига етказилган. Яна саккиз нафар бола Умумшифокорлик амалиёти марказига ётқизилган, уларнинг аҳволи “ўртача” дея баҳоланмоқда.

Воқеа содир бўлган жойдан олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Нохуш воқеа Сузоқ туманининг Жергетал қишлоғида болалар “Манас” эпосини айтаётган пайтда содир бўлган. 48 ёшли ҳайдовчи томонидан ташлаб кетилган машина ҳаракатга келиб, ўқувчиларни босиб кетган.

Қирғизистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилда мамлакат бўйлаб йўл-транспорт ҳодисалари чоғида 783 киши нобуд бўлган, бу эса 2022 йилдаги кўрсаткичга қараганда 13,5 фоизга кўпдир. Ўтган йили Қирғизистонда жами 6945 та ЙТҲ қайдга олинган.

XS
SM
MD
LG