Ссылки доступа

Қозоғистонда олтин заводига қарши бўлган аҳоли жаримага тортилди


Маралди аҳолиси бир неча йилдан бери қишлоқ яқинида қурилган олтин қазиб олувчи заводга қарши муваффақиятсиз тарзда курашмоқда.

Шарқий Қозоғистон вилоятининг Маралди қишлоғида олтин қазиб олиш заводи қурилишига қарши чиққан олти нафар фуқаро жаримага тортилди. Улар “рўйхатдан ўтмаган ташкилот фаолиятида иштирок этишда” айбдор топилган. Уларнинг ўзи буни босим ўтказиш ва сукут сақлашга мажбурлашга уриниш деб баҳоламоқда.

Бир неча йилдан бери қишлоқ яқинида олтин қазиб олувчи завод қурилишига қарши курашаётган фаоллар маҳаллий ўзини ўзи бошқариш жамиятини тузган эди. Жамият ўз фаолиятини маҳаллий ҳокимлик билан келишилган, лекин адлия идораларида рўйхатдан ўтмаган тарзда юритаётган эди.

"Бизга ўз жамиятимизни тузишга ҳокимлик рағбатлантирди. Шунда қонун доирасида ишлайсизлар дейишди. Барча идораларга ёздик, ёрдам сўрадик. Бироқ ташкилотимиз Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмагани боис полиция унинг фаолиятини ноқонуний деб топди. Биз аслида ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганмиз. Биз фақат маҳаллий экология борасида ўз хавотиримизни билдирмоқдамиз", деди жаримага тортилганлардан бири Жанат Карибоева Озодлик билан суҳбатда.

2022 йилда Маралда яқинида “ВСАМ Продакшн” корхонаси олтин қазиб олиш заводини қуришни бошлади. Қишлоқ аҳолиси маъданни очиқ усулда қазиб олинишига ва завод қурилишига қарши чиқди. Аҳолининг таъкидлашича, рудани қайта ишлаш учун циянид аралашмасидан фойдаланиш атроф-муҳитга муқаррар зарар етказади. Завод тоғ чўққисида жойлашган ва бу тоғдан оқиб тушувчи булоқлардан одамлар деҳқончилик ва чорвачиликдан фойдаланадилар.

Маралди конида қидирув ишларини «Маралича-Голд» кон компанияси олиб бормоқда. Бу Назарбоевга яқин бўлган марҳумТемирхон Дўсмуҳамбетовнинг ўғлига тегишли корхонадир.

Заводни қураётган “ВСАМ Продакшн” компанияси ҳам Шарқий Қозоғистон вилояти собиқ ҳокими Даниал Ахметовнинг ўғли Талгат Ахметов билан боғлиқдир. Завод қурилиши бошланганда Даниал Ахметов вилоят ҳокими эди.

XS
SM
MD
LG