Ссылки доступа

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 млн сўмни ташкил этди


2024 йилнинг 1-чораги якуни бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсиб, 4 млн 920 минг сўмни ташкил этди.

Бу Статистика агентлигининг номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи бўйича берган маълумотларидан келиб чиқади.

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик тадбиркорлик бўйича маълумотлар ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.

2024 йилнинг январь-март ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (8 млн 117 минг сўм), Навоий вилояти (6 млн 500 минг сўм), Тошкент вилояти (4 млн 764 минг сўм), Андижон вилояти (4 млн 391 минг сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (4 млн 65 минг сўм) кузатилди.

Ҳудудлар бўйича энг юқори ўсиш суратлари Андижон вилояти (125,2 фоиз), Тошкент шаҳри (122,3 фоиз), Фарғона вилояти (121,5 фоиз), Навоий вилояти (118,8 фоиз) ва Жиззах вилоятида (118,2 фоиз) қайд этилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 13 млн 229 минг сўмни ташкил этди. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида 11 млн 732 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳасида 6 млн 104 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этди.

Таълим (3 млн 435 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 млн 241 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи ўринда қолишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG