Ҳужжат билан бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги Янги Тошкент шаҳрини қуриш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга уч ой ичида республика ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириш, уларнинг маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш ва уларни сотишдан тушадиган маблағларни ушбу ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтириш топширилган.
Янги Тошкент шаҳрини қуриш ташаббусини 2021 йил 31 августида президент Шавкат Мирзиёев кўтарган эди. Мирзиёев режасига кўра, Янги Тошкент Тошкент вилоятида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғига қурилиши лозим. Янги Тошкентга пойтахтдаги давлат идоралари кўчирилиши, Тошкент шаҳри эса “яшил ҳудуд”га айлантирилиши айтилган.
Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектар ерда 1 миллион аҳоли учун турар-жой бинолари, жумладан, биринчи босқичда 60 минг кишига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, касалхона ва 5 та поликлиника қурилиши назарда тутилган.
Тошкент вилояти кадастри ўтган йили вилоятнинг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан Янги Тошкент учун 19 минг 729,4 гектар ер ажратилиши, бу ерларнинг 12,9 минг гектари экин экиладиган жойлар экани ҳақида маълумот тарқатган эди.