27 апрель якунига кўра, Внуково халқаро аэропортининг фуқароларни вақтинча сақлаш зонасида 954 нафар Тожикистон фуқароси санитария шароитларисиз қолмоқда. Улар орасида Россия ҳукуматининг таълим квоталари ҳисобидан Россияда таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар ҳам бор.
Внуково аэропортида қолиб кетган Тожикистон фуқароларининг умумий сонидан 322 нафари узоқ соат кутишдан сўнг Россия ҳудудига киритилди. Шу билан бирга, мавжуд маълумотларга кўра, Россия ҳукумати 306 кишини “чиқариб юбориш рўйхати”га киритмоқчи. Аллақачон чиқариб юборилганлар сони 27 кишини ташкил этади. Бундай чекловчи чоралар фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда, — деди Ташқи ишлар вазирлиги.
Жуковский, Домодедово ва Шереметево аэропортларида ҳам шундай вазият кузатилмоқда. Хусусан, ўнлаб Тожикистон фуқаролари тегишли шароитларсиз аэропортларда қолмоқда.
“Тожикистон фуқаролари етарли даражада иссиқ овқат билан таъминланмагани сабабли тожик дипломатлари диаспора вакиллари билан ҳамкорликда Внуково аэропортига озиқ-овқат етказиб беришмоқда. Бундан ташқари, ватандошларга жойида зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида Тожикистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси консуллик хизмати томонидан 24 соатлик тезкор штаб очилган”, — дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Россияда Тожикистон фуқароларига нисбатан назорат 22 март куни Москва вилоятидаги Crocus City Hall’да юз берган терактдан сўнг кучайди.