Кампир-обод сув омбори ерлари Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб келган 37 ёшли Каникей Аранова жаримага тортилди. Бу ҳақида Озодлик радиоси хабар бермоқда.
Аввалроқ Москвада қўлга олиниб, Бишкекка экстрадиция қилинган фаолни суд миллий адоватни қўзғатишда ҳамда ҳокимиятни куч билан босиб олишга чақириқларда айбдор деб топди. Унга 120 минг сом миқдорида жарима ҳамда мамлакатдан чиқиб кетмаслик эҳтиёт чораси қўлланилди. Вояга етмаган фарзандни бир ўзи тарбиялаётгани инобатга олиниб, Каникей Аранова суд залидан озод этилди.
Аранова 2022 йил октябрь ойида ҳам айнан шу масалада жавобгарликка тортилган эди. Ўшанда Кампир-обод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга берилишига қарши Қирғизистоннинг Ўзган вилоятида оммавий намойишлар бўлиб ўтган эди. Айрим сиёсатчилар, сиёсий ташкилотлар ва фаоллар "Кампир-ободни ҳимоя қилиш қўмитаси"ни тузганини маълум қилган. Ҳукумат Ўзбекистон билан Кампир-обод сув омбори масаласида келишувга қарши чиққан сиёсатчилар ва фаолларни 2022 йил октябрь ойида оммавий ҳибсга олган. Ҳаммаси бўлиб 30 га яқин киши ҳибсга олинган, улардан баъзилари олти ойдан кўпроқ вақт ўтиб уй қамоғига қўйиб юборилган.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Кампир-обод иши” бўйича тергов жараёнига бир неча бор изоҳ бериб, ҳибсга олинганлар “халқни тинчини бузгани”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганини таъкидлаган.