Ссылки доступа

Ўзбекистон илк чоракда хорижга 2,6 млрд долларлик олтин сотди


Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон хорижга 2 миллиард 664 миллион 300 минг долларлик олтин экспорт қилган.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг ҳисоботида қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 10,5 фоизга кўпдир. 2023 йилнинг бу даврида мамлакат чет элга 2 миллиард 410 миллион 300 минг долларлик олтин сотган эди.

Аввалроқ World Gold Council (Жаҳон олтин кенгаши) жорий йилнинг февралида 12 тонна олтин сотган Ўзбекистон дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатга айланганини эълон қилган эди.

Марказий банк маълумотига мувофиқ, 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34 миллиард 190 миллион 300 минг долларни ташкил этган.

Статистика агентлиги ҳисоботига кўра, биринчи чоракда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15,82 млрд долларга етган. Бунинг 6,38 млрд доллари экспорт (бу маблағнинг 41,7 фоизи хорижга олтин сотишдан тушган - таҳр.), 9,43 млрд доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келади.

XS
SM
MD
LG