Ссылки доступа

Қирғизистонда тўнтаришга уринишда айбланаётган бизнесмен Имомидин Тошов ҳибсга олинди


У Қозоғистонга қочиб кетган эди.

Бишкек туман суди давлат тўнтаришини содир этишга уринишда айбланаётган тадбиркор Имомидин Тошовни ҳибсга олди. У 22 майгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланади.

Имомидин Тошов аввалроқ Қирғизистоннинг Чуй вилоятида ушланган эди.

"Имомидин Ташов чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтиб, ҳокимиятни эгаллашни кўзлаган кучларни жамлаш мақсадида Олмаотадан Қора-Болтага йўл олаётганида ушланди", деган МХДҚ ўз баёнотида.

Айтилишича, йирик тадбиркор, "КЖ групп" қурилиш ширкатининг раҳбари Имомидин Тошов ҳамда блогер, ҳозирда АҚШда яшовчи Тилекмат Куренов жиноий гуруҳ тузиб "хориждаги ва мамлакатдаги деструктив кучлар ёрдамида" турли оммавий намойишлар ўтказиш орқали давлат тўнтаришини содир этмоқчи бўлган.

Аввалроқ Имамидин Тошов блогер Тилекмат Куренов орқали тарқатган баёнотида ўзини МХДҚ ходими сифатида таништирган номаълум шахслар уни саккиз кун ушлаб турганидан шикоят қилган. Тадбиркорнинг айтишича, МХДҚ ходимлари унинг яқинларига зарар келтириш ҳамда ширкатини тортиб олиш билан таҳдид қилиб, у аввалроқ бюджетга тўлаган 52 миллион сом жаримадан ташқари “чап чўнтакка” 100 миллион сом тўлашни ҳам талаб қилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари, ўз навбатида, Ташов тергов изоляторида бўлганида Куренов билан телефон орқали давлат тўнтаришини режалаштирганлигини иддао қилди. Бу суҳбатлар, Ташиевнинг сўзларига кўра, суд қарори билан, ёзиб олинган.

Куреновнинг ўзи ҳозирда АҚШда яшайди ва Қирғизистон ҳукуматига қарши танқидий баёнотлари билан танилган. Фаол Қирғизистонни 2022 йил октябрь ойида тарк этган.

“Улар бир неча кун гаплашишди. Шунга қарамай, 52 миллион сом тўлаганидан сўнг, Тошовни қўйиб юбордик ва уни кузатиб турдик. Бу видео кейинроқ ошкор этилади. Ходимларимиз Куреновнинг “100 миллион бўлсин, одамлар ишонади”, деган гапини ёзиб олишди”, деди Ташиев парламентда.

Имомидин Тошов 2023 йил октябрь ойида болалар боғчасини қуриш учун ажратилган ерга турар-жой биноси қурганлиги учун қўлга олинган эди. Тошов давлатга етказилган зарарни умумий қиймати 52,4 миллион сом бўлган ўнта хонадон кўринишида қоплаган. Шундан сўнг суд уни уй қамоғига қўйиб юборди. У кейнчалик Қозоғистонга қочиб кетган.

XS
SM
MD
LG