Департамент маълумотига кўра, бу бўлим аскарлари Урдун дарёси Ғарбий қирғоғидаги фаластинлик араблар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда, деб ёзган Axios ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда.
“Нецах Йегуда” батальонида мутаассиб диний жамоатлардан бўлган исроилликлар хизмат ўтайди. Санкциялар бу бўлинма АҚШдан ҳеч қанақа ёрдам ололмаслиги ёки америкалик инструкторлардан таълим ололмаслигини англатади.
Нашр суҳбатдошлари қарор АҚШ Давлат департаменти махсус комиссиясининг мазкур батальон фаолияти юзасидан олиб борган текшируви асосида қабул қилинганини айтишган. Текширув исроиллик ҳарбийларнинг фаластинликларга нисбатан амалга оширилган зўравонликка алоқадорлигига оид маълумотлар тушгани ортидан 2022 йил охирида бошлаган эди.
Текширув бошланишига сабаблардан бири, Axios маълумотига кўра, 2022 йил январида асли фаластинлик бўлган 78 ёшли америкалик Умар Асаднинг ўлими бўлган. “Нецах Йегуда” аскарлари уни Ғарбий соҳилдаги қишлоқлардан бирида жойлашган назорат-ўтказиш масканида қўлга олишган. Асад исроиллик аскарларнинг текширувдан ўтиш талабини рад этган. Улар америкаликнинг қўлига кишан тақишиб, совуқда қолдиришган. Бир неча соатдан кейин унинг юраги тўхтаб қолган. Шундан сўнг, нашрнинг ёзишича, исроиллик икки зобит эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.
2022 йил декабрида Исроил “Нецах Йегуда” бўлинмасини Ғарбий соҳилдан олиб чиқиб кетган. Шундан сўнг батальон асосан мамлакат шимолида хизмат ўтаган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Axios қайдича, бу АҚШ томонидан Исроил армияси бўлинмасига қарши санкция киритилиши бўйича биринчи ҳолат бўлади. Бунинг кетидан Ғарбий соҳилда ҳаракатланаётган ЦАХАЛ (Исроил армияси) бўлинмалари ва Исроил полициясига қарши ҳам шунга ўхшаш қадамлар қўйилиши мумкин. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу “Нецах Йегуда” батальонига қарши муҳтамал санкцияларни “бемаъниликнинг энг чўққиси” деб атаган.