Қарор ҳақида Tesla раҳбари Илон Маскнинг ўзи маълум қилган. Иш ўринлари қисқартирилиши Техасдаги заводда амалга оширилиши мумкин. Tesla’нинг Техас штати Остин шаҳридаги заводида 140 минг 473 нафар ишчи меҳнат қилади. Агар режа амалга ошса, 14 мингга яқин ходим ишдан бўшатилиши мумкин.
Илон Маск қайдича, Tesla ўзининг кейинги ўсиш босқичига тайёргарлик кўрар экан, "харажатларни камайтириш ва самарадорликни ошириш учун компаниянинг ҳар бир жабҳасини кўриб чиқиш жуда муҳим", деб ёзди The New York Times ва CNBC.
Шунингдек, Tesla’нинг икки асосий раҳбари компанияни тарк этишини эълон қилган. Энергетика бўлими катта вице-президенти бўлиб ишлаб келган Эндрю Баглино, 18 йил ўтиб компаниядан кетишга қарор қилганини билдирган.
Оммавий сиёсат ва бизнесни ривожлантириш бўйича глобал директор вазифасида ишлаган Роҳан Пател ҳам саккиз йиллик фаолиятидан сўнг Tesla’дан кетаётганини ёзган.
Компанияда муҳандислик бўйича бир нечта юқори лавозимларда ишлаган ва ҳозиргача технология бўлими директори бўлган Баглино кетиш қарори осон бўлмаганини урғулаган.
"Биз бир жамоа бўлиб, муаммоларга биргаликда ечим топган вақтларимизни қадрлайман. Тоза энергияга ўтишни тезлаштириш миссиясига ҳисса қўшганимдан мамнунман", деб ёзган у.
Душанба куни Tesla ўз ходимларини қисқартиши ҳақидаги хабарлар манзарасида компания акциялари 4,8 фоизга арзонлаган. Tesla’нинг акциялари электромобиллар сотуви камайгани ортидан жорий йилнинг шу давригача ўз қийматининг учдан бир қисмини йўқотган.
Бутун дунё бўйлаб рақобат кучайгани, электр транспорт воситалари савдосида ўсиш секинлашгани каби қатор омиллар сабабли ўтган чоракда Tesla савдоси кескин пасайган. Компания январдан мартгача 386 минг 810 та автомобиль чиқарган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга қараганда (423 мингта автомобиль) қарийб 9 фоизга кам.