“Бугун Тошкентда Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жасим Ол Соний Жаноби Олийлари билан биргаликда Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни имзоладик”, деб ёзган вазир Саидов 15 апрель оқшомида ёйинланган постида.
Аввалроқ Озодлик 15 апрель куни Тошкентда “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 44-сессияси раиси шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний ҳам иштирок этгани ҳақида хабар қилган эди.
Қатар араб давлатлари ичида Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган (1991 йил декабрида) мамлакат бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Қатар билан дипломатик алоқаларни 1997 йилнинг ноябрь ойида ўрнатган бўлишига қарамай, қарийб 20 йил давомида (Ислом Каримов ўлимига қадар) бу мамлакат билан ўзаро муносабатларни ўта яқин ва илиқ, деб бўлмасди.
Икки давлат ўртасидаги алоқалар Шавкат Мирзиёев даврида, айрим манбалар иддаосича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон воситачилигида илиқлаша бошлаган. Ўзбекистон президенти Қатарга сўнгги сафарини 2023 йил октябрида, Қатар амири эса Ўзбекистонга сўнгги ташрифини ўтган йил декабрида амалга оширган.