Ссылки доступа

Ўзбекистон Қамбарота ГЭСи қурилишида иштирок этади


Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Норин дарёсида Қамбарота гидроэлектростанцияси (“Қамбарота-1” ГЭСи) қурилиши тўғрисидаги шартномани имзолашади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги томонидан муҳокама учун ёйинланган ҳукуматлараро шартнома лойиҳасида айтилган.

Шартномада ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш ва унинг эксплуатацияси доирасида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик шартларини белгилаш режаланмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, уч мамлакат томонидан белгиланган ташкилотлар Қамбарота ГЭСи томонидан ишлаб чиқариладиган бутун электр энергиясини сўзсиз сотиб олишади.

Томонлар ўзаро консенсус асосида қарор қабул қилишади ва ГЭС иши тартибини бошқариб боришади.

Қирғизистон ҳудудидаги лойиҳани амалга ошириш учун қўшма акциядорлик ширкати тузилади. Бунда Қирғизистоннинг улуши 34 фоизни, Қозоғистон ва Ўзбекистонники эса 33 фоизданни ташкил қилади. Ширкат муассисини ҳар бир мамлакат мустақил равишда белгилайди. Томонлар улуши ўзгаришсиз қолади, бунда мамлакатлар улушини бошқа бировга сотиш, бериб юбориш ва бирлаштириш имконияти мутлақо кўзда тутилмаган.

Лойиҳани молиялаштириш учун асосий манба ширкат таъсисчиларининг ўз маблағлари, шунингдек, улар томонидан халқаро молия институтлари ва банклардан жалб қилинадиган қарз ва грант маблағлари бўлиши айтилмоқда.

Лойиҳа амалга оширилганидан кейин Қамбарота ГЭСи акциялари ва активлари тўлалигича Қирғизистон тасарруфига ўтади. Шартномани Бишкек шаҳрида имзолаш режаланган.

Ўтган йилнинг январь ойида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, унинг қозоғистонлик ҳамкасби Болат Акчулаков ва қирғизистонлик ҳамкасби Таалайбек Ибраев Бишкекда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолашган эди.

Бўлажак ГЭС қуввати 1860 МВтга тенг бўлади. ГЭС сув омборида 5,4 миллиард куб метр сув сақланади, тўғон баландлиги эса 256 метрни ташкил этади. Станция йилига ўртача 5,6 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСни 10 йил ичида қуриб битказиш режаланган.

Қирғизистон президентининг 2021 йил мартидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки мамлакат расмийлари “Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши” инвестицион лойиҳасига тайёргарлик тўғрисидаги шартнома ва ўзаро электр энергияси етказиб бериш бўйича баённомани имзолашган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига 2022 йил июнида старт берган. Лойиҳа бўйича дастлабки ишлар учун 20 миллион долларга яқин маблағ ажратилган. Канаданинг SNC-Lavalin International Inc. ва Россиянинг “Энергетика жанубий муҳандислик маркази” ширкатлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асослама бўйича ГЭС қурилиши учун 2014 йилдаги ҳисоб-китоб бўйича 2,9 миллиард доллар маблағ талаб қилинган. Айни пайтда Қирғизистон президенти шу йил 13 апрель куни лойиҳа харажатлари 5-6 миллиард долларни ташкил этиши ва лойиҳа ўзини оқлаши учун 13-15 йил керак бўлишини маълум қилган.

“Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига ўз вақтида Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов қарши чиққан эди. Каримов ўша пайтда бу лойиҳа Марказий Осиёда экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини иддао қилган.

XS
SM
MD
LG