Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев оиладаги ва маиший зўравонлик учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойҳасига имзо чекди.
Қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Оила институтини мустаҳкамлаш ва вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стандартлар жорий этилмоқда.
Шунингдек:
- соғликка енгил зарар етказганлик ва калтаклаш учун жиноий жавобгарлик жазоси тикланмоқда. Аввал бу нормалар бекор қилинган бўлиб, ўрнига маъмурий жазо белгиланган эди.
- Ўз жонига қасд қилишга ундаганлик ва ёрдам берганлик, шунингдек, ўз жонига қасд қилишни тарғиб этганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.
- 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий тегажонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Вояга етмаган шахсни ўғирлаш ва қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш учун жазолар сезиларли даражада кучайтирилди.
- вояга етмаган шахсни таъқиб қилиш (буллинг, кибербуллинг) учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда.
- вояга етмаганлар томонидан ёки уларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги тўғрисида таълим ташкилотларининг дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш мажбурияти белгиланди.
- Йўлкирасини тўламаган болани жамоат транспортидан мажбуран тушуриб кетиш тақиқланди.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда аёлларга нисбатан ва оиладаги зўравонлик энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.
Статистикага кўра, Қозоғистонда аёлларга зулмни асосан эрлари ёки оиладаги яқинлари қилмоқда. Ҳар йили полицияга оилавий зўравонлик ҳақида 100 мингдан ортиқ хабар келиб тушади. БМТга кўра, Қозоғистонда йилига 400 га яқин аёл эри ёки яқин инсони томонидан ўлдирилади.
Тоқаев шунингдек болаларни ўлдириш ва педофилия учун умрбод қамоқ жазосини ҳам маъқуллади.