Ҳуқуқбон Айна Шорманбоева 2022 йилнинг январь воқеалари чоғида ҳибсга олинган ўнлаб одам, жумладан олти нафар ўзбекистонликлар терроризмда айбланиб қийноқларга солинганлигини Бош прокуратура текшираётганини маълум қилди.
“Халқаро ҳуқуқий ташаббус” нодавлат ташкилоти раҳбарининг айтишича, Қўшмамбет қишлоғидаги махсус тергов изоляторида қийноқларга дучор бўлганлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.
“2022 йил январь ойида террорчи деб 100 нафарга яқин марказий осиёлик муҳожирлар қийноққа солинган эди. Мен қийноқлардан жабр кўрган Ўзбекистоннинг олти фуқаросини ҳамда қирғизистонлик санъаткор Викрам Рузахуновнинг манфаатини ҳимоя қилмоқдаман. Яна 22 нафар киши қийноқларга дучор бўлганини айтмоқда, улар ҳам жабрланувчи сифатида тан олиниши керак”, — деб ёзади Айна Шорманбоева ўз Фасебоок саҳифасида.
Аввалроқ, Олмаотада ўша пайт қўлга олинган қирғизистонлик машҳур джаз пианисти Викрам Рузахунов уни ва ўзбекистонликларни қийноққа солган 4 нафар қозоқ полициячиси ҳибсга олинганини ўз Instagram саҳифасида маълум қилган эди. Викрам Рузахунов 2022 йилнинг 8 январида Олмаотада қўлга олинган. У қийноқлар остида Қозоғистон телеканалига “Қозоғистонга вазиятни издан чиқариш учун келганини ва бунинг учун 200 доллар ҳақ олганини” айтишга мажбур бўлган. Рузахуновни сўроқ қилган ходимлар унинг қовурғаларини синдирган.
2022 йилнинг январида содир бўлган қонли воқеаларга нарх-наво қимматлашгани ва турмуш даражаси пасайиши сабаб бўлган эди. Суюлтирилган газ нархини тушириш талаби билан Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик акциялари мамлакатнинг деярли барча шаҳарларини қамраб олган умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Бироқ тинч митинглар тўрт кундан сўнг бебошликлар ва қон тўкилиши билан якун топди. Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.
Қозоғистон президенти Тоқаев чет элда етиштирилган аллақандай “террорчилар” мамлакатга ҳужум қилгани ва ҳокимиятни босиб олишга уринганини иддао қилди. Аммо у ўз иддаосини тасдиқлайдиган бирон бир ишончли далилни кўрсатгани йўқ.
Айни чоғда ҳуқуқбонларда тутқунлар “терроризм”, “оммавий тартибсизликлар”, “қурол ўғирлаш” ва бошқа жиноятларини тан олишлари учун тергов изоляторларида қийноққа солингани ва турли босимларга йўлиққани ҳақида бир қанча гувоҳлик кўрсатувлари мавжуд.