1998 йилдан буён Қўшма Штатларда муҳожиротда яшаб келган Пўлатов Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган.
Абдураҳим Пўлатов 1945 йили Тошкент вилоятида туғилган. 1962 йилда ўрта мактабни, 1968 йилда эса Москва энергетика институтини тамомлаган. 1973 йили у номзодлик диссертациясини ёқлаганидан кейин 1991 йилгача Ўзбекистон Фанлар академияси Кибернетика институтида фаолият юритган. Бу орада у (1984 йили) роботсозлик ва сунъий интеллект яратиш муаммоларига бағишланган докторлик диссертациясини ёқлаган.
Абдураҳим Пўлатовнинг сиёсий фаолияти 1988 йил баҳорида Орол денгизини қутқариш қўмитаси таркибида эксперт ўлароқ иштирок этишдан бошланган. Ўша йилнинг ноябрь ойида “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил этилган ва Пўлатов унинг ташкилотчиларидан бири бўлган.
1989 йил 28 майида “Бирлик”нинг таъсис қурултойи бўлиб ўтган ва у ерда Абдураҳим Пўлатов ҳаракат раиси этиб тайинланган. Шундан сўнг у 1980 йилдан буён ўзи аъзо бўлиб келган КПСС сафидан чиққанини эълон қилган.
1992 йилнинг май ойида Абдураҳим Пўлатов бу пайтга келиб партияга айланган “Бирлик”ка қайтадан раис этиб сайланган.
Ўша йилнинг июнь ойи охирида Абдураҳим Пўлатов ва “Бирлик” фаолларидан бирига қарши суиқасд уюштирилган, натижада у реанимацияга тушган.
Каримов режими томонидан таъқиб тўхтамаётганидан шикоят қилган Абдураҳим Пўлатов 1992 йили Ўзбекистонни тарк этиб, даставвал Озарбайжонга, кейин эса Туркияга кетган.
Туркияда олти йил яшаганидан кейин у 1998 йилда АҚШдан сиёсий бошпана олган. Икки фарзанднинг отаси бўлган Пўлатов умрининг сўнгги 25 йилини Қўшма Штатларда ўтказган.