Тожикистон парламентида ўз вакилларига эга сиёсий партиялар давлат бюджетидан молиялаштирилади. Парламент “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришларни 12 апрель куни қабул қилди.
Мамлакат адлия вазири Музаффар Ашуриённинг таъкидлашича, ўзгартиришлар “Тожикистоннинг халқаро майдонда демократик давлат сифатидаги мавқеини ошириш” мақсадида қабул қилинган.
Давлат бюджетидан фақатгина сайловларда миллий парламентдан ўрин олган партиялар молиялаштирилади. Ҳозирда парламентдаги аксарият ўринлар ҳукмрон Халқ демократик партияси тегишли. ХДПдан ташқари парламентда яна беш партия ўз депутатларига эга. Ҳозирда мухолифатда ягона бўлмиш Социал-демократик партияси парламентдан ҳеч қачон ўрин олмаган. Мамлакатда тақиқланган Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг раҳбари ва парламентнинг собиқ депутати Муҳиддин Кабирий “бу ёмон ташаббус эмас, бироқ диктатура шароитида акси таъсир кўрсатиши мумкинлигини” таъкидламоқда.
“Диктатураларда, хусусан, Тожикистонда бундай ташаббуслар партияларни ҳукуматга қарам қилиш мақсадида киритилади”, - дейди Кабирий 14 апрель куни Озоди радиосига берган интервьюсида.
“Тожикистонда мустақил сиёсий партияларни тузиш имконсиздир. Аввалги уринишларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради, ташаббускорлар ҳам қамалиб кетди. Ҳукумат мустақил партияларга рухсат бермаса, кимга керак бундай ташаббус? Шунчаки, сарой партиялари президентга садоқатини намойиш қилишга янада кучлироқ киришади, холос”, - деб ҳисоблайди суҳбатдош.
Сиёсий партияларга хориждан маблағ олиш тақиқланган. Ҳозиргача улар фақатгина маҳаллий ҳайриялар ва аъзолик бадаллари эвазига кун кўраётган эди. Бугунги кунда Тожикистонда 7 та сиёсий партия расман фаолият юритади, уларнинг барчаси ҳукуматпараст ҳисобланади. Мамлакатда энг нуфузли Тожикистон Ислом уйғониш партияси 2015 йилда экстремистик деб топилган ва тақиқланган. Авваллари мустақил ва мухолиф ҳисобланган Социал-демократик партия 2021 йилда раҳбари Раҳматилло Зойиров истеъфога чиққач жим бўлиб кетди.
Ўзгартиришлар “Тожикистоннинг халқаро майдонда демократик давлат сифатидаги мавқеини ошириш” мақсадида қабул қилинган.