Москва полицияси Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасининг маслаҳатчисининг уйида текширув ўтказди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги буни "чидаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат" деб атади ва айбдорларни жавобгарликка тортишни сўрамоқда.
Қирғиз ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, 12 апрель куни Қирғизистондаги Россия элчихонасининг консул маслаҳатчиси Андрей Бурев вазирликка чақирилган ва унга эътироз нотаси топширилган.
“Учрашувда Россия полицияси Вена конвенциясининг қоидаларини қўпол равишда бузилганлиги маълум қилинди. Дипломатик иммунитетга эга Қирғизистоннинг элчихонаси ходимига нисбатан бундай муомала мутлақо чидаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат эканлиги Россия томонига етказилди", дейилади ТИВ баёнотида.
ТИВ ушбу факт юзасидан текширув ўтказилишини ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини талаб қилган.
Москва полициясининг икки ходими Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг хонадонига бостириб кириб, ундан ва оила аъзоларидан Россияда қонунан яшаётганлиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилган.
“Крокус Сити Холл” даги теракт Россияда аксил мигрант кайфиятлари ва ксенофобияни кучайтирди.
Мамлакат бўйлаб марказий осиёлик муҳожирларга қарши полиция рейдлари кўпайди, рус сиёсатчилари мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Россиядаги масжидларни бутунлай ёпиш талаблари ҳам янграмоқда. Тармоқларда муҳожирларни эркин ҳаракатланиш ҳуқуқисиз иш жойларида ушлабтуриш таклифи илгари сурилмоқда.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги буни "чидаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат" деб атади ва айбдорларни жавобгарликка тортишни сўрамоқда.