Қочқин ва сиёсий фаол Сулаймон Давлатовнинг рафиқаси уни Тожикистонга бермасликни сўраб Латвия президентига мурожаат қилди. Бу ҳақида Озоди радиоси хабар қилмоқда.
Хурматбиби Рахматшоеванинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи мутлақо айбсиз, бироқ у нимададир гумон қилинаётган бўлса, у Литвада маҳкамага тортилиши лозим.
Ижтимоий тармоқларда тез-тез исломий мавзуларда баҳс-мунозараларга қўшилиб, Тожикистон ҳукуматини кескин танқид қилиб келган Сулаймон Давлатов шу йилнинг 5 апрелида ҳибсга олинган эди. Ҳозирда у депортация ҳибсхонасида сақланмоқда.
Адвокати унинг ишида жиноят аломати йўқлигини, бироқ негадир Давлатов Литва миллий хавфсизлигига таҳдид деб топилганлигини ва унинг иши махфийлаштирилганлигин айтмоқда.
Давлатовнинг ўзи мухолифат фаоли Шарофиддин Гадоев билан видеомулоқотда Литва махсус хизматларининг "ҳамкорлик таклифини" рад этгани учун ҳибсга олинганини айтган. Таклиф этилган "ҳамкорлик" нималардан иборат эканлигига у аниқлик киритмаган.
Сулаймон Давлатовнинг адвокати ва яқинлари ҳам унинг ҳибсга олинишининг асл сабабини билишмайди, чунки суд ёпиқ тарзда ўтган ва унга қўйилган айбловлар ошкор этилмаган.
40 ёшдаги Сулаймон Давлатов аввал Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” аъзоси бўлган. Охирги 9 йилдан бери у Вилнюсда яшайди ва ресторан, дўкон ва новвойхона мажмуасини юритади. Унинг учта фарзанди бор.