Ссылки доступа

Сурияда жанговар ҳаракатларда иштирок этган ўзбекистонлик қидирилмоқда


Сурияда диний-экстремистик оқим аъзосига айланган тошкентлик эркак қидирувга берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган “Абдул Зуфар” лақабли Миролим Ўлмасов 2018 йилда ишлаш учун Туркияга кетган, у ердан “Таҳрир уш-Шом” террорчилик ташкилотига бирлашиш мақсадида Сурия давлатига ўтиб, террорчилар сафига қўшилган.

Ўлмасов Туркияда бўлган вақтида турли интернет сайтларидан диний-экстремистик оқимлар, халқаро террористик ташкилотлар вакилларининг ғоявий раҳнамолари – Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар ва бошқаларнинг ҳижрат ҳамда жиҳодга чорловчи маърузаларини эшитиб юрган. Ақидапарастлик ғояларидан таъсирланган Миролим жиҳод амалларини бажариш ҳамда мужоҳид биродарлари сафига қўшилишни мақсад қилган ва ноқонуний йўллар орқали Сурияга ўтиб, қуролли тўқнашувларда иштирок этган.

Фуқаро ақидапарастлик ғояларига берилиб кетганидан орадан узоқ вақт ўтишига қарамай оиласи билан алоқага чиқмаган. Биргина 2020 йилда синфдош дўсти билан Telegram мессенжери орқали гаплашган Ўлмасов Суриядалигини исботловчи расмини жўнатган.

Миролим Ўлмасов 2020 йилдан бошлаб “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзоси сифатида рўйхатга олинган ва унга нисбатан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан расмий қидирув эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG