Ссылки доступа

Омбудсман изоляторда журналист Махабат Тожибек қизига нисбатан зўравонлик қўлланганини тасдиқлади


Журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимлари 16 январь куни ҳибсга олинган эди.

Temirov Live лойиҳасининг директори, журналист Махабат Тожибек қизига нисбатан тергов изоляторида зўравонлик қўлланган. Бу ҳақда 6 апрель куни Қирғизистон Омбудсман институти маълум қилди.

Омбудсманнинг баёнотида айтилишича, журналистларнинг ижтимоий тармоқдаги шикоятидан сўнг ўтказилган мониторинг Махабат Тожибек қизи ва яна икки аёл журналистга нисбатан тергов изолятор ходимлари ҳақиқатдан ҳам зўравонлик қўллаганини тасдиқлаган. Муассаса ходимларининг айтишича, журналист аёллар уларнинг қонуний талабига бўйсунмаган.

Омбудсман матбуот хизмати маълум қилишича, прокуратура мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатларини бошлаган.

Аввалроқ Бишкек туман суди январда ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 8 нафарини, жумладан шу уч нафар журналист аёлни яна икки ойга ҳибсда қолдирган эди.

Журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимлари 16 январь куни ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG