Ссылки доступа

Тожикистонликларга Россияга киришга тақиқ уриш ҳоллари кўпаймоқда


Полиция рейди. Архив фотоси
Полиция рейди. Архив фотоси

140 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган “Крокус Сити Холл” даги терактдан сўнг тожикистонликлар учун Россияга киришга тақиқ қўйиш ҳоллари кўпаймоқда. 

Озоди радиосига келиб тушаётган маълумотларга кўра, 2 апрель куни Россия-Қозоғистон чегарасидаги «Қораузек» назорат-ўтказиш пунктида россиялик чегарачилар ҳеч қандай изоҳсиз уч нафар Тожикистон фуқаросининг паспортига бир умрлик тақиқ муҳрини босган.

“Сабабини сўрадик, аммо бизга ҳеч нарсани тушунтирмади. Агар жанжал қилсак, қамаб қўямиз, деб ҳам таҳдид қилишди. Ҳозир
энди Ўзбекистон орқали ватанга қайтмоқдамиз”, дейди муҳожирлардан бири.

Ушбу меҳнат муҳожирлари Россияда қонуний бўлиш муддатини узайтириш мақсадида Қозоғистонга чиқиб Россияга қайтиш ниятида бўлган.

Россиядан депортация қилинган тожикистонлик муҳожирлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Шулардан бирининг Озоди билан суҳбатда айтишича, 2 апрель куни Шереметево аэропортидан Тожикистонга учиб кетаётганида унинг паспортига 10 йилга кириш тақиқи урилган.

“Мен уларга нега депортация қилганликларини сўрадим, аҳир ўзим уйга қайтаётган бўлсам. Сен бориб ўн йил дам олиб кел деб айтди чегарачи. Улар бошқа тушунтириш беришмади", дейди суҳбатдош.

“Крокус Сити Холл” даги теракт Россияда аксил мигрант кайфиятлари ва ксенофобияни кучайтирди.

Мамлакат бўйлаб марказий осиёлик муҳожирларга қарши полиция рейдлари кўпайди, рус сиёсатчилари мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Россиядаги масжидларни бутунлай ёпиш талаблари ҳам янграмоқда. Тармоқларда муҳожирларни эркин ҳаракатланиш ҳуқуқисиз иш жойларида ушлабтуриш таклифи илгари сурилмоқда.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик кунига минглаб муҳожирлар сиқувга олингани билан боғлиқ шикоятлар тушаётганини айтади.

"Кунига мингга яқин мурожаат бўляпти. Улардан 700 га яқини ҳибсга олишлар билан боғлиқ. Ҳозир менда тахминан 3,5 минг мурожаат бор. 150 га яқини мигрантларнинг полиция томонидан калтакланиши билан боғлиқ. Бу асосан ҳибсга олиш пайтида содир бўлади. Кўпчилик мигрантларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар айби илиб қўйиляпти. Полиция ходимларининг талабларига бўйсунмаслик айби билан уларни бир суткага қамоққа олиш ёки миграция қонунчилигини буздия дея ҳибсга олиш орқали депортация қилиш холатлари ҳам кўп бўляпти. Шунингдек, майда безорилик тўғрисидаги сохта баённомалар тузилиб, қамоққа олиняпти", дейди Чупик.

XS
SM
MD
LG