Ссылки доступа

Reuters: Эрон терактдан олдин Россияни огоҳлантирган


Эрон “Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужумдан аввал Россияни мамлакат ҳудудида кенг кўламли “террор амалиёти” ўтказилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, дея хабар қилди Reuters агентлиги уч манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда.

22 март куни Москва вилоятидаги концерт залига қилинган мазкур ҳужум Россиянинг энг янги тарихидаги энг йирик терактлардан бири ўлароқ баҳоланмоқда.

“Ҳужумдан бир неча кун олдин Теҳрон Москвага Россияда йирик теракт бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган. Бу маълумот Эронда портлашлар уюштирганликда гумонланиб қўлга олинганларни сўроқ қилиш натижасида олинганди”, дея билдирган агентлик суҳбатдошларидан бири.

Reuters хабарида Эрон ва Россия хавфсизлик билан боғлиқ масалаларда тиғиз ҳамкорлик қилиб келиши, бу ҳамкорлик айниқса Россия қўшинлари Украина ҳудудига ҳужум бошлаган 2022 йил февралидан кейин янада кучайганига эътибор қаратилган.

Эронда сўнгги пайтларда энг йирик теракт 3 январь куни содир бўлган. Мазкур терактда генерал Қосим Сулаймоний ўлимининг 4 йиллиги муносабати билан ўтказилган мотам маросимида иштирок этган ўнлаб одам қурбон бўлганди. Портлаш учун масъулиятни “Крокус Сити Холл”га ҳужумда бўлгани каби “Ислом давлати” террор ташкилотининг Афғонистондаги “Вилояти Хуросон” бўлинмаси ўз зиммасига олган.

Бу орада Россия расмийлари “Ислом давлати” терактга алоқадорлиги бўйича мулоҳазаларни изоҳламай, унга Украина алоқадор эканига оид иддаолар билан чиқишлар қилишмоқда, Киев эса бу иддаони қатъиян рад этяпти. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Эроннинг муҳтамал огоҳлантируви ҳақида ўзига ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирган.

Россиянинг йирик шаҳарларида терактлар эҳтимоли ҳақида Москвани АҚШ ва иттифоқчилари ҳам огоҳлантиришган. АҚШ Эрон билан душманона муносабатда экани дунё жамоатчилигига маълум. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) АҚШ ҳужум ҳозирланаётгани ҳақида маълумот етказганини эътироф этган, бироқ бу маълумот, россиялик чекистларга кўра, батафсил бўлмай, “умумий” бўлган.

XS
SM
MD
LG