Ссылки доступа

Temirov Live'га алоқадор журналистларнинг апелляцияси рад этилди


Аввалроқ Бишкек туман суди январда ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 8 нафарини яна икки ойга ҳибсда қолдирган эди.

Бишкек шаҳар суди январда ҳибсга олинган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимларининг апелляциясини кўриб чиқди ва биринчи суд инстанциясининг қарорини кучда қолдирди. Бу ҳақда 1 апрель куни бўлиб ўтган маҳкама жараёнида иштирок этган Озодлик мухбири хабар бермоқда.

Аввалроқ Бишкек туман суди январда ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 8 нафарини яна икки ойга ҳибсда қолдирган эди. Суднинг қарорига кўра, журналистлар 13 майгача Бишкекдаги изоляторда сақланади. Уч нафар журналист уй қамоғига ўтказилди.

16 январь куни журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимлари ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG