“Gazeta.uz” берган хабарга кўра, бундай топшириқ 25 мартда берилган. Ҳужжат билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг 19 мартдаги хатида келтирилган таклифларга розилик берилган.
Агентлик транспорт воситаларини реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнидан қочиб, бир турдаги транспорт воситасининг ҳар бирини бошқа жисмоний шахслар номига ўтказган ҳолда (Божхона кодексининг 96-моддаси) муомалага чиқариб, ички бозорда реализация қилаётганини таъкидлаган.
Ташкилот буни бартараф этиш, транспорт воситаларининг импортини “тартибга солиш” учун қуйидагиларни таклиф қилган: турини маъқуллаш ҳужжати ёки мувофиқлик сертификатини қўллаш ва мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқукини аризачи (мувофиқлик сертификатининг эгаси) бошқа юридик ёки жисмоний шахсга беришини ман этиш;2024 йил 1 апрелдан божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш нормасини автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмаслик ва божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишни таъқиқлаш;
республикага импорт қилинган янги автотранспорт воситаларининг регламент талабларига тўла мувофиқлиги баҳоланиб, тури маъқуллангандан кейин муомалага чиқариш (бунда, бир календарь йили давомида ўз эҳтиёжи учун олиб келинган бир бирликдаги автотранспорт воситаси мустасно).
Агентлик хатида яна енгил тоифадаги автотранспорт воситаларини чет элдан импорт қилиш ҳамда уларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларининг мувофиқлигини таъминлаш бўйича қуйидаги норматив-ҳукукий хужжатлар ишлаб чиқилгани айтилади: янги хорижий автомобиллар Ўзбекистонда фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарининг расмий дилерлари томонидан сотилиши тартибини тиклаш бўйича (бу қоида 2023 йил 1 январдан бекор қилинганди, шундан сўнг жисмоний шахслар импорт автомобилларни мамлакатга олиб кириш ва сотиш имкониятига эга бўлди, бундай автомобиллар эса, ўз навбатида, расмий дилерлардагидан арзонроқ бўлиб чиқди); муомалага чиқариладиган автомобиллар хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентга ўзгартириш киритиш бўйича.
“Ҳужжатлар лойиҳалари белгиланган тартибда rgojest.gov.uz электрон тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ва жамоатчилик муҳокамасига жойлаштиришга тайёрланган. Бироқ лойиҳаларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдаги муаммо, унинг сабаблари ва вужудга келадиган салбий оқибатлар етарлича ёритилмагани ҳамда “regulation.gov.уз” электрон тизими орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши аҳоли ва тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олиб 2024 йил 15 январда Президент администрацияси томонидан ва 2024 йил 9 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан рад этилгани муносабати билан Адлия вазирлигига киритилмаган”, – дейилади хабарда.