Ссылки доступа

Қорақалпоқ фаоли Расул Жуманиёзов Остонада ҳибсга олинди


Қозоғистонда яшаб келаётган, асли Ўзбекистон фуқароси бўлмиш қорақалпоқ фаолларига нисбатан таъқиблар Нукус воқеаларидан сўнг кучайган.

Остонада 31 ёшли қорақалпоқ фаоли Расул Жуманиёзов ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг қозоқ хизматига Норвегияда яшовчи “Олға, Қорақалпоғистон” сиёсий ҳаракати етакчиси Аман Сагидуллаев маълум қилган.

"У Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақириб келган", дейди Сагидуллаев.

Жуманиёзов 26 март куни Ўзбекистон талабига биноан қўлга олинган. Сагидуллаевнинг айтишича, бир ой аввал Жуманиёзов унга Ўзбекистон махсус хизматларидан Ўзбекистонга қайтишини талаб қилинаётганини билдирган.

Жуманиёзовнинг Қозоғистонда истиқомат қилиш ижозатининг муддати тугаган. Унга ҳуқуқий ёрдамни Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси бермочи. Расмийлар Расул Жуманиёзовнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

Қозоғистонда яшаб келаётган, асли Ўзбекистон фуқароси бўлмиш қорақалпоқ фаолларига нисбатан таъқиблар Нукус воқеаларидан сўнг кучайган. Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари 2022 йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган.

XS
SM
MD
LG