Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.
Мирзиёев Шинжон-Уйғур автоном райони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Учрашувда инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган, гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган, шунингдек, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси февраль ойи охири ва март ойи бошларида Шинжон-Уйғур автоном районига ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эди. Eurasianet нашри қайдича, бош вазир мазкур сафарида Хитой билан янги сармоявий келишувларга эришолган эмас.