Ссылки доступа

Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштираётган ота-онага ҳукм ўқилди


Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида қиз эгизакларини бир хонали уйга алмаштираётган ота-она қўлга тушди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Маълумотга кўра, ўтказилган тезкор тадбирда эркак моддий жиҳатдан қийналгани учун эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлганини айтган. Иш ҳужжатларида аниқланишича, мазкур фуқаролар бир-бири билан ўзаро танишиб, Гулистон шаҳрида шаърий никоҳ асосида яшаб келган.

Аёл эгизак фарзандларни дунёга келтирган. Шундан сўнг улар эгизакларини уйга айирбошлашга келишган. Тезкор тадбирда эркак уй ҳужжатларини олаётган пайтда қўлга тушган. Судда эркак эгизакларидан ташқари қонуний оиласидан тўрт нафар фарзанди борлигини, аёлнинг эса аввалги турмушидан икки нафар фарзанди борлигини айтиб, суддан енгиллик сўради.

Суд мажлисида эркак ва аёл Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. Аёлнинг қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб, унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил қамоқ жазоси берилган.

Эркакка эса 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

XS
SM
MD
LG