Ссылки доступа

Сурхондарёда археологик ёдгорлик молхона қуриш учун бузиб юборилди


Сурхондарёда учта ҳудудда археологик ёдгорликларга қарийб 30 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов туманида V-VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлигининг 876 метр куб майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилгани аниқланди. Бунинг оқибатида объектга 23,3 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Навоий вилоятидаги Оқтепа-1 археология ёдгорлигининг 193 метр куб тупроғи 3 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олинган оқибатида 2,6 млрд сўм, Бадахшонтепа археология ёдгорлигининг 164 метр куб ҳудуди экин майдонига айлантирилгани сабаб 2,3 млрд сўм, Ёмонқиёттепа ёдгорлигининг 12 метр куб майдони ковлаб олингани оқибатида эса 163 млн сўмлик зарар етказилган.

Наманган вилояти Уйчи туманида ўрта асрларга оид Толмозортепа археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланган. Ёдгорлик 871 млн сўмлик зарар кўрган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган, дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG