Ссылки доступа

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари гавжум жойларга бормасликка чақирилди


Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги Москва вилоятида 22 март куни юз берган терактдан кейин бутун Россия бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилгани муносабати билан ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

"Россия Федерациясининг Москва вилоятида 22 март куни юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шу муносабат билан, Россияга борётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетётган юртдошларимиздан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраймиз", дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.

Агентлик Россиядаги ўзбекистонликларга бирор муаммога дуч келган тақдирда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан Ўзбекистоннинг консуллик идораларига ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкинлигини эслатган.

Жорий йилнинг 22 март оқшомида камуфляжли бир неча киши Москва четидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида одамларни ўққа тутган. Шундан сўнг портлаш содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Террор хуружи натижасида ҳалок бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 139 нафарга етган, камида 180 киши тан жароҳати олган.

XS
SM
MD
LG