Ссылки доступа

Ўзбекистонда бинолардаги мозаикалар маданий мерос объектлари қаторига қўшилди


Вазирлар Маҳкамасининг 25 мартдаги қарори билан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидаги 157 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди.

Аввалроқ 2023 йил август ойида Маданий мерос агентлигининг илмий-экспертлик кенгаши томонидан 161 та мозаика ва паннолар рўйхати миллий рўйхатга киритиш учун тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Қарорда реестрни тўлдиришдан кўзланган мақсад мозаика, панно ва тасвирий санъат асарларини ҳар томонлама ўрганиш, асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, уларнинг мамлакат туризм салоҳиятини ривожлантиришдаги ролини оширишдан иборат экани ёзилган.

Рўйхатдаги мозаикалар давлат кадастрига киритилади. Объектларнинг кадастр ҳужжатларига уларнинг маданий қиймати борлиги тўғрисидаги ёзув қўшилади.

Бундан буён рўйхатга киритилган объектлар мавжуд биноларда, уларнинг муҳофаза тегралари ва туташ ҳудудларида режалаштирилган қурилиш ишлари билан боғлиқ ҳар қандай фаолият тури Маданий мерос агентлиги билан келишилиши керак.

Рўйхатга киритилган мозаикаларнинг аксарияти Тошкентда жойлашган. Шунингдек, унда Нукус, Урганч, Хива, Самарқанд, Наманган, Андижон, Жиззах, Қўқон, Ангрен, Гулистон ва бир қанча туманлардаги мозаикалар мавжуд.

Жамоатчилик ва фаоллар кўп йиллар давомида бинолардаги мозаикаларни сақлаб қолиш учун курашиб келмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент марказидаги газета устахонаси биносини бузиш доирасида Арнольд Ганга тегишли мозаик панно янги жойга ўрнатиш учун демонтаж қилинган эди.

XS
SM
MD
LG